İslam Hukuku


Karataş M.

Taşkent Devlet Hukuk Üniversitesi Yayınları, Toskent, 2021

  • Publication Type: Book / Textbook
  • Publication Date: 2021
  • Publisher: Taşkent Devlet Hukuk Üniversitesi Yayınları
  • City: Toskent
  • Istanbul University Affiliated: Yes

Abstract


ТОШКЕНТ2021  


 


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Тошкент давлат юридик университети Юридик фанлар кафедралари илмий-методик кенгаши йиғилишининг 2021 йил ____ даги ___-сонли баённомаси билан маъқулланган.  


 


 


 


Масъул муҳаррир ва сўз боши муаллифи:  


Ў. Х. Мухамедов, юридик фанлар доктори, профессор 


 


 


Муаллифлар 


Мустафа Қараташ – Туркия, Истамбул Университети профессори 


Абдумухтор Рахманов ТДЮУ, “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” кафедраси доценти, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори  


Хайдарали ЮнусовТДЮУ, “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” кафедраси доценти, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори 


 


 

 

 

 

Тақризчилар:  

Г. Юлдашева ТДЮУ, “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” кафедраси профессори, ю.ф.д. (DSc) 

Н. Юсупова Тошкент Ислом Академияси доценти, ю.ф.д. (DSc) 

 

 

 


 


Ушбу дарсликда ислом ҳуқуқининг назарий муаммолари ва ҳозирги замон амалиёти кўриб чиқилади. Дарсликнинг асосий мазмунини ислом дини ва ҳуқуқининг келиб чиқиши, асосий қисмлари, манбалари ва мазҳаблари, молия, савдо-сотиқ ва солиқ тизимини тартибга солувчи қоидалар, никоҳ ва оила ҳақидаги қонунлар, тақиқлар ва жазолар, мулк масалалари, шахс мақоми, шариатда низоли ишни судда кўриш тизимининг таҳлили ташкил этади. 


Дарслик юридик олий ўқув юртларининг бакалаврлари ва магистрлари, шунингдек ислом ҳуқуқи масалаларига қизиқувчи барча ўқувчилар учун мўлжалланган. Муаллифлар ушбу дарсликни тайёрлаш жараёнида ҳамда мавзуларни ёритишда маслаҳат ва материаллари билан ўз ёрдамларини аямаганликлари учун устозлар – т.ф.д., профессор А.Ҳасанов, ю.ф.д., профессор А.Рахманов, ю.ф.д., профессор А.Жўзжоний, ю.ф.д., доцент Н.Юсупова ва бошқаларга ўз миннатдорчиликларини билдирадилар.  


Ушбу дарсликни янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини юборганларга муаллифлар ўз миннатдорчилигини билдиради.  


 


Page Break 


СЎЗ БОШИ  


 


Осиё ва Африкада яшайдиган жуда кўп халқларнинг анъанавий юридик ва маънавий хулқ-атвор нормалари асрлар мобайнида ислом дини ва унинг ҳуқуқи билан узвий боғлиқ бўлиб келаётир. Миллионлаб кишиларнинг ижтимоий-ҳуқуқий, оилавий-маиший ва ҳатто шахсий ҳаёти ислом ва унинг ҳуқуқи таъсирида ривожланган. Мамлакатимизда аксарият фуқаролар ислом динига эътиқод қилишади ва давлат миқёсида бу борада катта аҳамият берилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгаши  
43-сессиясининг очилиш маросимида қуйидаги фикрларини билдирган: Азалий қадриятларимиз ва ахлоқий фазилатларни ўзида мужассам этган муқаддас динимизни асраш ва қадрлаш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир. Ислом – ҳақиқатни англаш демакдир, у одамзотни эзгу амалларни бажаришга ундайди, ҳар биримизни яхшилик ва тинчликка чорлайди, ҳақиқий инсон бўлишни ўргатади1.  


Ислом ҳуқуқий тизим араб халифалиги доирасида вужудга келган ва аста-секин ҳалқаро аҳамият касб этиб борган. Унинг ривожланиш жараёни араб давлатчилигини VII аср бошида яни Муҳаммад (САВ) даврида кичик диний жамоадан VIII-X асрлар Уммавийлар ва Аббосийлар даврида йирик империялардан бирига етишиш жараёни билан чамбарчас боғлиқ. Ислом олимлари шариатнинг асосий қоидаларини сақлаб қолган ҳолда юридик табиатга эга бўлган ҳуқуқий таълимотлар ва меъёрлар ишлаб чиқдилар.  


Биз Самарқандда Имом Бухорий номидаги халкаро илмий-тадқиқот марказини, Тошкент шаҳрида эса Ислом цивилизацияси марказини барпо этмокдамиз. Бу ишларни кимгадир кўз-кўз қилиш учун амалга ошираётганимиз йўқ. Мақсадимиз ислом динининг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини, маърифий исломни болаларимиз онгига сингдиришдир. Шу йўлда бизнинг буюк аждодларимиз қандай улуғ ишларни амалга оширганлари хақида улар ана шундай масканларга келиб ўзлари учун керакли, энг муҳим бўлган билим ва тасаввурларга эга бўлади. Энг асосийси, уларнинг қалбида бой тарихимиз, маданий меросимиз билан фахрланиш туйғуси камол топади деган фикрларни юртбошимиз таъкидлаб ўтган.  


Мамлакатимизда диний бағрикенгликни таъминлаш, маърифатли ислом қадриятларини асраш ва тарғиб этиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Абу Исо Муҳаммад Термизий каби буюк алломаларимиз номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари барпо этилгани, диний таълим олиш имкониятлари кенгаяётгани, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, уларга шароитлар яратилаётгани жаҳонда эътироф этилмоқда. 


БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюцияси қабул қилингани Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик борасидаги ташаббусининг ёрқин ифодаси бўлди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган Маърифат ва диний бағрикенглик деб номланган махсус резолюцияси лойиҳаси Бош Ассамблеянинг  
2018 йилнинг 12 декабрида ўтказилган ялпи мажлисида ташкилотнинг барча аъзо давлатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди2. Мазкур резолюцияни қабул қилиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йоркдаги 72-сессиясида илгари сурилган эди. Шу тариқа Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси асосида қабул қилинган ушбу ҳужжат жаҳон халқлари ўртасида мавжуд динларга мансуб маърифий бағрикенглик маданиятини кучайтиришга хизмат қилмоқда 


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил  
19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг  
72-сессиясида сўзлаган нутқида Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этиб ўтган эди. Ана шундай буюк алломалардан бири сифатида Имом Бухорийнинг исми ва унинг бебаҳо асари “Саҳиҳи Бухорий” номи биринчи марта БМТ минбаридан янграган эди3. 


Бу тарихий воқеалар Ўзбекистонда ислом дини соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жаҳонда тан олинаётганидан, юртимизнинг айнан ушбу масалаларда бой тарих ва тажрибага эга эканидан далолат беради. Президентимиз таъбири билан айтганда “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим4.  


Бугунги кунда ислом ҳуқуқи шарқ мамлакатларининг ҳуқуқий ривожланиши, сиёсати ва мафкурасида муҳим аҳамият касб этиши давом этмоқда. Бу глобаллашув жараёнлари ривожланаётган XXI аср шароитида жаҳонда юз бераёган ўзгаришлар мустақил Ўзбекистон Республикасининг ислом дунёсидаги ўрни ва аҳамияти бутунлай ўзгаришига олиб келади.  


Ушбу дарслик ислом ҳуқуқи бўйича фойдали, серқирра дарсликдир. У ўн бобдан иборат. Дарсликда ислом динининг вужудга келиши, Муҳаммад(САВ)нинг миссияси, ислом ҳуқуқи манбалари, исломдаги асосий ҳуқуқий мактаблар (мазҳаблар), Мовароуннаҳрда фиқҳ институтларининг ташкил топиши ва шаклланиши (VIII-XIII асрлар) ва ҳозирги замон ислом ҳуқуқи масалалари тўғрисида муфассал сўз юритилади.  


Ислом тинчлик ва дўстлик дини. Қурьон матнида айнан шу мавзу асосий ўрин эгаллайди. Тинчлик мавзуси Муҳаммад (САВ) пайғамбаримиз ҳадисларида ҳам муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга ҳадисларда инсониятга ҳаққоний ҳаёт йўлини кўрсатиб берган, тинчлик ва барқарорликка эришиш йўллари аниқ белгиланган 


Марказий Осиёда ислом динининг тарқалиши ва унинг ривожланиши муқаррар тарзда ислом ақидалари, маҳаллий анъаналар ва урф-одатлар ўзаро таъсирга киришиши ва бир-бири билан боғланишига олиб келди. Шу билан бирга фиқҳнинг мулк муносабатлари (энг аввало ерга эгалик ҳуқуқи), солиқ тизими, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ва молияни тартибга солиш билан боғлиқ асосий қоидалари таҳлил қилинади, шунингдек исломдаги тақиқлар, удумлар ва байрамлар кўриб чиқилади. Буларнинг ҳаммаси шариатнинг моҳиятини ёритиш, тарихий тараққиёт жараёнида унинг тадрижий ривожланишини кузатиш имконини беради.  


Ислом ҳуқуқининг ҳозирги ҳолати ҳам муаллифлар эътиборидан четда қолмаган. Инсон ҳуқуқларига доир халқаро битимларнинг араб дунёсида имплементация қилиниши, араб мамлакатларида шахс мақоми ва инсон ҳуқуқлари масалалари кўриб чиқилган. Мустақил Ўзбекистон ҳаётининг барча жабҳалари ислоҳ қилинаётган, ижтимоий йўналтирилган, дунёвий, демократик ва ҳуқуқий давлат қурилаётган, фуқаролик жамияти ривожланаётган ҳозирги шароитда маърифатли ислом анъаналари аҳамиятлидир. Ҳозирги шароитда юридик нормалар, диний мажбуриятларни билиш жуда муҳим аҳамият касб этади. Буларнинг барчаси нафақат ислом ҳуқуқи соҳасидаги илмий билимлар ва тадқиқотларни кенгайтириш ва чуқурлаштиришни, балки Марказий Осиёда шаклланган ҳуқуқнинг анъанавий шакллари ва қоидаларини қайта тушуниб етишни ҳам тақозо қилади 


Ҳозирги даврда ислом мамлакатларининг аксариятида ислом ҳуқуқи меъёрлари алоҳида аҳамиятга эга. Ислом маънавий-маданий қадриятлари маданий тараққиётда, давлатчиликни мустаҳкамлашда, ислом жамиятининг ҳаётида сезиларли рол ўйнамоқда. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш зарурки, ислом ҳуқуқи бошқа ҳуқуқий тизимлардан кўп нарсаларни ўзлаштирганига қарамай, сайёрамизда яшайдиган улкан одамлар оммасининг тафаккурига таъсир кўрсатаётган мустақил тизим бўлиб қолаётир. Ишончимиз комилки, Ислом ҳуқуқи дарслиги ҳуқуқшунослар ва сиёсатшунослар, исломшунослар ва тарихчилар, талабалар ва аспирантлар, ислом ҳуқуқи ва ислом ҳуқуқий маданиятига қизиқувчи барча кишилар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинади.  


 


Ў. Х. Мухамедов, юридик фанлар доктори, 


профессор 


Page Break 


Кириш  


 


Бугунги кунда давлатимизда, тинчлик ва осойишталик умумбашарий қадриятларнинг сарчашмаларидан баҳраманд бўлишимиз янада ошмоқда. Айни шу ҳол тараққиёт йўлидан дадил боришимиз ва бутун инсоният билан бирдамлигимиз, ҳамжиҳатлигимизнинг муҳим кафолатидир. Зотан, миллий истиқлол боис давлатчилик тажрибамизни, унинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий асосларини ҳар томонлама ўрганиш ва ривожлантириш имконияти яратилди. Мустақил ўзбек давлатчилиги ва миллий ҳуқуқий тизимни шакллантиришнинг ўзига хос йўли бой маънавий-ҳуқуқий негизларга асосланишдир. Бизнинг давлатимиз кўҳна Сўғдиёна ва Хоразмдан бошлаб, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар давлатлари ва ўзбек хонликларининг давлат бошқарув тажрибаси, халқимизнинг бутун миллий, тарихий, ҳуқуқий, маънавий амалиётини ҳамда унинг ўз мустақил давлатига эга бўлиш каби асрий орзуларини ўзида мужассамлаштирган. Минтақамизнинг қадимий тарихи ва бой маданияти, бу ўлкада яшаб ўтган аждодларимизнинг жаҳон маданиятини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссалари ҳозирги кунда ҳам турмушнинг барча жабҳаларига сезиларли таъсир ўтказмоқда. Шу ўринда, дунё ҳуқуқий маданиятининг ажралмас бўлаги бўлиб, ўзбек давлатчилигининг тарихий тажрибаси ва ҳуқуқий тафаккури ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган ислом дини ва ҳуқуқини ўрганишнинг долзарблиги келиб чиқади. 


Ислом Арабистоннинг саҳро кенгликлари бағрида вужудга келган жаҳоннинг уч буюк динидан биридир. Қолган икки дин бу иудаизм ва христианликдир. Учала дин ҳам бир-бири билан узвий боғланган, чунки амалда улар айни бир яккахудоликни шарафлайди. Тарихий нуқтаи назардан ислом энг ёш дин ҳисобланади, лекин мусулмонлар ўз динини энг қадимги дин деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрига кўра, иудаизм замирида ҳам, христианлик замирида ҳам ислом дини ётади. Машҳур арабшунос олим, ислом дини бўйича йирик мутахассис, Қуръонни рус тилига таржима килган инсон академик И.Ю.Крачковский шундай деб ёзган эди: Араблар тарих майдонида ислом дини билан бирга пайдо бўлган бўлсаларда, уларнинг муҳитида сезиларли даражадаги сиёсий ва маънавий жонланиш бундан бир ярим аср олдин бошланган эди. У бир томондан, аста-секин ислом динига замин ҳозирлаган диний масалаларга қизиқишнинг кучайишида, бошқа томондан эса, поэзиянинг равнақида ўз аксини топган5.  


Мусулмон (ислом динига эътиқод қилувчи) бўлиш ҳозирги вақтда албатта араб миллатига мансуб бўлишни назарда тутмайди. Мусулмон сўзи ўзини Аллоҳга бағишлаган деган маънони англатади. Ислом динига эътиқод рамзи қуйидаги икки калимада мужассамлашган: Ла илоҳа иллалоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Муҳаммад Унинг пайғамбаридир). Бу икки асосий калимани мусулмонлар тил билан айтиб, дил билан тасдиқ этиши шарт қилинган. Уларни инсон тил билан айтсаю, дили билан тасдиқламаса, яъни ўзи ишонмаса, ундай киши исломда мунофиқ ҳисобланади. Муҳаммад (САВ) пайғамбаримиз ислом асосчиси деган олий рутбани доим ўзидан соқит этган:  


(Эй Муҳаммад), Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг уруғ-авлодларига нозил қилинган нарсаларга ва Мусо, Ийсо ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарсаларга иймон келтирдик. У пайғамбарлардан бирортасини ажратиб қўймаймиз. Ва биз Унинг Ўзигагина бўйинсунгувчилармиз, деб айтинг (Қуръон, Оли Имрон сураси, 84-оят).  


Диний тизим сифатидаги исломни ўрганишда ислом қонунларининг тизимга солинган мажмуаси - шариат асосларини ўрганиш муҳим ўрин тутади. Ҳуқуқий нормаларни у ёки бу диний эътиқод билан асослаш барча замонларга хос бўлган ва анча кенг тарқалган ҳодисадир. Ислом ҳуқуқшунослиги ҳам бундан мустасно эмас. Ислом ҳуқуқи тадқиқотчилари одатда унинг қуйидаги икки ўзига хос ва ўзаро боғланган хусусиятига эътиборни қаратадилар: 


1) диний келиб чиқиши (илоҳий табиати); 


2) юридик қоидалар ислом илоҳиёти, ахлоқ қоидалари, урф-одатлари ва умуман ислом диний меъёрлари билан узвий боғлиқлиги. Масалан, Й.Шахт ислом ҳуқуқига дин ва давлат дуализми хослигини таъкидлайди6. 


Ислом (ўзаги салама Аллоҳга итоат этиш) бу аввало дин, сўнгра давлат ва ниҳоят, маданиятдир, деб ёзади Р.Шарль7. Шарқ билимдони А.Массэ ислом ҳуқуқида расм-русум масалалари ҳуқуқ нормалари билан муштарак эканлигини таъкидлайди8. Н.Торнау исломда ҳуқуқ нормаларига ибодат қоидалари билан бирга фиқҳнинг бир-бирини тўлдирувчи икки қисми сифатида қаралишини таъкидлаб, шундай деб ёзади: Мусулмонларнинг фуқаролик қоидаларида ratio legis қай даражада баркамол бўлмасин, у мавжуд ва мухтасар тарзда диний ақидаларга бўйсунишда ифодаланади9. Таниқли шарқшунос И.Петрушевский илоҳиёт ва ҳуқуқни ислом диний қонунининг икки тармоғи сифатида тавсифлайди10. 


Умавийлар (661-750) ва айниқса Аббосийлар (750-1258) даврида фақиҳларнинг («фақиҳ» ислом ҳуқуқшуноси) бир неча авлодлари ислом ҳуқуқини ижтимоий ҳаётнинг барча ҳодисалари ва эҳтиёжларини қамраб олишга қодир мукаммал мажмуага айлантириш учун кураш олиб бордилар. Мусулмонларга нафақат амирлар дунёвий ҳукмдорлар, балки имомлар мусулмонлар жамоасининг маънавий раҳбарлари бўлиб кўринишни хоҳлаган Аббосий фақиҳлар Суннани тўплаши, ўрганиши ва ўқитишига ҳомийлик қилдилар. Бундан ташқари, улар ислом диний таълимоти ва ҳуқуқи, шунингдек ҳуқуқ фани (фиқҳ) ривожланиши учун ҳадисларни йиғиш жуда катта аҳамиятга эга эканлигини яхши тушунганлар. Ислом ҳуқуқий ва диний қоидалари ўртасида узвий алоқа мавжудлиги, ислом ҳуқуқи диний заминга эга эканлиги, унинг исломий хусусияти шубҳасиздир. Бу факт амалдаги юридик нормалар тизими сифатидаги ислом ҳуқуқининг ўзига хос хусусиятлари таҳлили билан тасдиқланган. Бу ерда аввало исломнинг барча норматив қоидалари илоҳий заминга эга эканлиги тўғрисида сўз юритилмоқда.  


Ислом ҳуқуқининг асосий манбалари сифатида Қуръон ва Сунна эътироф этилади. Замирида илоҳий калом ваҳий ётувчи Қуръони карим ва Суннада энг аввало юридик маънодаги ислом ҳуқуқи мазмунини белгиловчи ислом дини асослари, диний ибодат ва ахлоқ қоидалари мустаҳкамлаб қўйилган.  


Қуръон мусулмонларнинг асосий муқаддас китобидир. У Аллоҳнинг Муҳаммадга (САВ) ваҳий орқали нозил қилган каломи ҳисобланади. Ислом илоҳиётида ижоз атамаси мавжуд бўлиб, у Аллоҳ таоло яратганга ўхшаш бирон-бир нарсани яратишга ожиз бўлиш деган маънони англатади. Қуръони карим - Аллоҳ таоло каломидир. Муҳаммад(САВ) қирқ ёшга етганида Макка яқинидаги тоғдаги Ҳиро ғорида Қуръоннинг биринчи оятлари нозил бўлган. Бу жараён Маккада ўн уч йил, Мадинада ўн йил, ҳаммаси бўлиб йигирма уч йил давом этган. Биринчи сура тахминан 610 йилда нозил бўлган бўлса, охирги сура 632 йилда, Муҳаммад(САВ) пайғамбаримиз вафотидан бироз олдин берилган. Қуръонда Аллоҳ таолонинг ваҳий орқали нозил қилинган каломларигина жамланган; унга Пайғамбаримиз (САВ) ўзидан бир сўз ҳам қўшмаган. У фақат воситачи бўлган. Муҳаммад (САВ)нинг айтган сўзлари, фикрлари жуда ҳам кўп бўлиб, улар ҳадислар деб аталади. Муҳаммад(САВ)нинг сўзлари, амаллари ва хатти-ҳаракатлари Сунна сифатида машҳурдир. Ислом йўли ва Аллоҳ жорий қилган амалий ҳукмлар мажмуаси шариат деб аталади. Сунна мусулмонлар учун муҳим иккинчи манбадир. Сунна ҳақида мусулмонлар ҳадислар Муҳаммад(САВ) нинг айтган сўзлари, қилган ишлари, кўрсатмалари тўғрисидаги ривоятлар орқали хабар топадилар. Ҳадислар Аллоҳ ваҳий орқали нозил қилган каломнинг таркибий қисми ҳисобланмасада, улар ислом ҳуқуқини теран тушуниш учун жуда муҳимдир. Қуръони каримда ҳадисларни ўрганиш фарзлиги аниқ айтилган:  


Эй мўъминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган мусулмон ҳокимларга бўйинсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, - агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз - у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир. (Қуръон, Нисо сураси, 59-оят). 


Пайғамбаримизнинг юксак ваколатини тасдиқловчи яна бир машҳур оят мавжуд: Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар 


(Қуръон, Хашр сураси, 7-оят). 


Муҳаммад (САВ) видолашув вақтида шундай деган: Мусулмонлар! Мен сизларга иккита нарса қолдирдим, агар уларга риоя қилсангиз, ҳеч қачон адашмайсиз, булар Аллоҳ китоби ва менинг Суннамдир. (Ҳаким ибн Хизом)11. 


VIII асрда суннийлик фақиҳлари орасида асҳоб ар-раъй (арабча) мустақил фикрлаш тарафдорлари деб номланган ҳуқуқий йўналиш юзага келди. VII-VIII асрларда амал қилган ислом йўналишларидан яна бирининг вакиллари йўналиши асҳоб ал-ҳадис, яъни нақл тарафдорлари деб номладилар. Асҳоб ар-раъй оқими Ироқ мактаби, асҳоб ал-ҳадис йўналиши эса Мадина мактаби номи билан ҳам машҳур. Уларнинг ўртасидаги асосий фарқ шундаки, ироқлик ҳуқуқшунослар ижтиҳодни қиёсдангина иборат деб билмасдан, ундан кенгроқ фойдаландилар, Мадина мактаби эса, асосий эътиборни Қуръон ва Суннага қаратди. Лекин ислом ҳуқуқининг бу икки «негизи» фақиҳлар олдига қўйган янги саволларга жавоб бермаган ҳолларда мустақил фикрлаш тарафдорлари мантиқий хулосалар асосида бир тўхтамга келишни маъқул деб топганлар. Мушоҳада юритиш орқали ва «ислом жамоаси учун фойда» мезонига амал қилиб, ушбу оқимлар вакиллари ҳуқуқ тизимига янги нормалар киритганлар, бунда уларни ислом ҳуқуқининг умумий руҳи билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилганлар. Шундай қилиб, асҳоб ар-раъй мактаби намояндалари шахсий фикрга йўл қўйганлар ва оқилоналик мезонига амал қилганлар. Бунда улар фикрлаш усулидан фақат муайян масала юзасидан мантиқий хулоса чиқариш учун Қуръонда ёки ҳадисларда ўхшашлик (аналогия)ни топиш мумкин бўлган ҳолда фойдаланиш мумкинлигини қайд этдилар.  


Ислом қонунларини ўхшашлик бўйича қўллаш қиёс (араб. - «таққослаш, солиштириш») деб аталади. Фикрлаш усули (раъй) ва қиёсдан Ироқ мактаби асосчиси, машҳур фақиҳ ханафийлик ҳуқуқий мактабининг асосчиси Нуъмон ибн Собит Абу Ҳанифа (699-767) айниқса кенг фойдаланган.  


Муайян масала юзасидан барча мужтаҳид уламоларнинг якдил фикри “Ижмоъ (араб. - бирлашиш, иттифоқ бўлиш, келишиш) аниқ мавжуд бўлган ҳолдагина қиёсдан фойдаланиш мумкин деган тамойил илгари сурилган. Шундан ижмоъ, яъни муҳокама этиладиган масала юзасидан мужтаҳидларнинг бир фикрга келишуви атамаси келиб чиққан. Ислом дини, шу жумладан ислом ҳуқуқи тамойилларини ишлаб чиқиш “Ижтиҳод (араб. - ғайрат қилиш, интилиш) деб аталади. Ижтиҳод деганда ислом олими томонидан шаръий ҳукмни ҳосил қилиш учун барча билим ва тоқатини ишга солиш тушунилади. Ижтиҳод шаръий ҳукми келмаган ишнинг махсус қоидаларини ишга солиб шаръий ҳукмни аниқлаш учун қилинади. Бу мужтаҳид уламолар замонавий фикрлаш ва мушоҳада юритиш услубларидан фойдаланиб, у ёки бу ҳолда қайси ҳаракат усули мусулмонлар учун ўринли бўлишини, у Қуръон ва Сунна руҳига қай даражада мос келишини аниқлашларини англатади. Пировард натижада мужтаҳидлар амалда ислом ҳуқуқининг тўрт илдизи мавжуд деган хулосага келдилар. Булар: Қуръон (тафсирлар - Қуръонга шарҳлар), Сунна (ҳадислар), Ижмоъ, Қиёс. Ана шу тўрт илдиз аста-секин барча фақиҳлар томонидан эътироф этилди, лекин сўнгги икки илдизнинг аҳамиятини турли мазҳаб намояндалари ҳар хил талқин қиладилар. Мазҳабларга хос бўлган қарашлардаги тафовутлар уларнинг фиқҳ манбалари, шу жумладан асосий манбалар ҳақидаги тушунчалари билан белгиланади.   


Фиқҳга келсак, у асосан Қуръон ва Суннанинг диний қоидаларини амалий юридик нормалар тилига кўчирган ислом ҳуқуқшуносларининг оқилона ижоди маҳсули сифатида тушунилади. Бизнинг назаримизда, фиқҳ меъёрларини ибодат қоидаларига ва одамларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солувчи нормаларга ажратиш билиш ва таснифлаш нуқтаи назаридангина ўринли эмас. Ушбу бўлиниш замирида реал ҳаёт эҳтиёжлари ётади, чунки кўрсатилган нормалар тоифаларининг иккаласи ҳам турли соҳаларда қўлланилади, боз устига, уларнинг тарихий ривожланиш қонуниятлари ҳам ҳар хил. Бундан ташқари, мазкур нормалар тоифаларининг ҳар бири хулқ-атворга тартибга солувчи таъсир кўрсатишнинг ўз хусусиятларига эга. Ниҳоят, уларнинг исломдаги мақоми ҳам ҳар хил бўлиб, улар бир-биридан мустақил тарзда амал қилиши мумкин. Ушбу хулосани ислом тарихи ва ислом мамлакатлари ижтимоий тараққиётининг ҳозирги босқичидан олинган кўпгина фактлар тасдиқлайди.   


Юридик ҳодиса сифатидаги ислом ҳуқуқининиг мустақиллигини уни амалга ошириш жараёнининг таҳлили ҳам тасдиқлайди. Ислом ҳуқуқига уни амалда қўллашнинг диний принципи кўпроқ хос: у энг аввало мусулмонлар ўртасидаги ўзаро муносабатларда амал қилган. Шу нарса диққатга сазоворки, бу принцип ҳозиргача сақланиб қолган. Масалан, ислом ҳуқуқининг оила ва никоҳ масалаларини тартибга солувчи нормалари фақат мусулмонларга нисбатан татбиқ этилади ва бошқа динларда қўлланилмайди. Шуни таъкидлаш зарурки, ислом ҳуқуқини амалда қўллашнинг диний принципи ҳеч қачон тўлиқ, изчил ва сўзсиз амалга оширилмаган. Ислом дини вужудга келган ва ислом давлати ташкил топган пайтдан бошлаб ислом ҳуқуқи нормалари номусулмонларга нисбатан ҳам татбиқ этилган. Бу, масалан, давлат ҳуқуқига ёки номусулмон аҳолига (зиммийлар) солиқ солиш тартибини белгиловчи қоидаларга тааллуқли. Бошқа бир мисол - мусулмонга эрга теккан номусулмон аёлнинг ислом қоидаларига бўйсунишидир. Одатда шахснинг диний эътиқоди билан узвий алоқада қараладиган шахс мақомини тартибга солувчи нормаларни амалда қўллашда диний принцип чегарасидан четга чиқиш ҳоллари айниқса кўп учрайди. Масалан, ҳозирги вақтда мерос қолдириш, ҳуқуқ лаёқатини чеклаш, вақф мулки масалаларини тартибга солувчи ислом-ҳуқуқий нормалари араб мамлакатларининг аксариятида номусулмонларга нисбатан ҳам татбиқ этилади. Исломда диний ва ҳуқуқий нормаларнинг ўзаро нисбатини таҳлил қилишда жазо қўллаш қисмлари мазмунан дунёвий диний жазо чораларига тўла мос келувчи тегишли хулқ-атвор юридик қоидаларининг манбалари бўлиб хизмат қилган диний қоидалар миқдори унча кўп эмаслигини эътиборга олиш лозим. Қуръон ва Суннада белгиланган қоидаларни бузганлик учун назарда тутилган жазолар кўпинча юридик санкцияларга асос бўлгач, кейинчалик давлат томонидан ислом ҳуқуқий таълимоти хулосалари асосида муайянлаштирилган, тўлдирилган ва ҳатто сезиларли даражада ўзгартирилган. Масалан, ҳуқуқбузарлик сифатидаги зинокорлик учун нафақат диний жазога мос келадиган тан жазоси, балки айрим ҳолларда Қуръонда назарда тутилмаган тошбўрон қилиб ўлдириш ҳам қўлланилган. Касддан одам ўлдиришда одатда ўлим жазоси хун ҳақи тўлаш билан алмаштирилган.  


Ислом ақидалари ва диний хулқ-атвор (энг аввало - ибодат) қоидалари бу Қуръон ва Суннада ифодаланган, ислом илоҳиётчилари ва ҳуқуқшунослари томонидан талқин қилинадиган қоидалардир, деб тахмин қилиш учун барча асослар мавжуд. Улардан фарқли ўлароқ, сўзнинг ўз маъносидаги ислом ҳуқуқи нафақат Қуръон ва Суннада мустаҳкамлаб қўйилган ёки ҳуқуқшунослар томонидан ижтиҳод асосида амалга киритилган қоидаларнинг муайян мажмуини, балки амал қилувчи ва давлат томонидан қўллаб-қувватланувчи нормаларни ҳам ўз ичига олади.  


Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ислом ижтимоий-норматив тартибга солиш тизимининг илмий-услубий, маърифий концепцияларини ишлаб чиқиш истиқболли тадбир бўлиб, у ислом ҳуқуқини тадқиқ қилиш учун янги имкониятлар яратади. Биз академик А.Саидовнинг ҳозирги вақтда ислом ҳуқуқини ўрганиш ҳуқуқ фанида асосий ўринлардан бирини эгаллаши лозим, чунки ислом ҳуқуқи тарихи ва ҳозирги ҳолатини, унинг сиёсий-маданий асослари ва ривожланиш йўналишларини ўрганиш ислом минтақаси мамлакатларида давлат ва ҳуқуқнинг вужудга келиши, эволюцияси ва ҳолатининг асосий жиҳатлари ва қонуниятларини ҳамда келгуси ривожланиш омилларини янада чуқурроқ ёритишга кўмаклашади12, деган фикрига қўшиламиз.